"ДУЕЛ" МИНБАРИДА ЁШ ИЖОДКОРЛАР
Вилоятимизда "Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!" шиори остида ўтаётган фестивал қизғин кечмоқда. Фестивал доирасида Навоий шаҳридаги "Илм-маърифат" боғида ўтган ёш ижодкорларнинг "Дуел" лойиҳаси шиддатли кечиб, томошабинлар қатори мушоира баҳсини кузатишга келган, вилоят ҳокими Қобилжон Турсуновни ҳам ёш шоирларни олқишлашга ундаган эди.

Бугун эса Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тойирнинг ташрифи адабиёт байрамига айланиб кетди. Мазкур боғда ташкил этилган "Шоир ва ёшлар" учрашуви лойиҳасида навоийлик ёш ижодкорлар, профессор ўқитувчилар, маҳаллий ижодкорлар, маҳалла фаоллари, шеър ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этишди. Учрашув баҳона севимли шоирни кўриш, суҳбатини тинглаш, пурмаъно шеърларини эшитиш бахтига мушарраф бўлдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мушоираталаб ёшлар дарҳол мушоира баҳси уюштиришиб, устоз Маҳмуд Тойирни ҳам шеър ўқишга чорлади. Тадбир куй-қўшиққа уланиб, қизғин кечди. Ёшлар машқларидан ўқишиб, устознинг тавсиялари ва оқ фотиҳаларини олишди.