Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 25 ноябрь куни Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳамда объектларга ташрифлар, учрашувлар ва тадбирларда берган топшириқлари бўйича қабул қилинган 77 - сонли йиғилиш баёни 16-бандида тегишли ташкилотлар ҳамкорликда мактабларда театр студиялари, мушоира, спорт мусобақалари ва маънавият тадбирларини ўтказиш белгиланганди.
2-май куни Навоий шаҳридаги 8-информатика ва ахборот технологиялари чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган таянч мактабида макзур йиғилиш баёни ижроси доирасида 8-синф ўқувчилари иштирокида "Театрга кўчган асар” мавзусида синфлараро танлов бўлиб ўтди.
Мутолаа қилган бадиий асарларини саҳнада талқин қилган 8 жамоа, чиқишларни катта қизиқиш билан ижро этдилар. Томошабинлар саҳна кўришларидан кулдилар, ҳам йиғладилар. Ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, буюк боболаканларимиз ҳаёти, дўстлик, инсонлар орасидаги айрим иллатлар мазмун-моҳиятига эга чиқишлардан барча тегишли хулосалар олди.
Мўжаз саҳнада "Келинлар қўзғолони” спектакли, "Кунтуғмиш” достони, "Жалолиддин Мангуберди” драмаси, "Юлдузли тунлар” романи, "Қиёмат қарз” ҳикоялар тўплами, "Шум бола”, "Дунёнинг ишлари” асарлари, "Уфқ” трилогиясидан маълум парчалар, образли нуқталари ижро этилди.
Тадбир якунида мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Жамшид Бердиев ижро этилган чиқишлар бўйича тавсияларини бериб, жамоаларга қўйилган балларни эълон қилди. Мактабдаги Театр студияси сафига янги аъзолар қабул қилиш мақсадида ташкил этилган танловда 8-К синфи жамоаси юқори баллни қўлга киритди.
Шунингдек, кейинги кунлар худди шундай танлов 6- ҳамда 7-синфлар ўртасида ҳам бўлиб ўтади. Ушбу театр ҳафталиги якунида барча юқори натижалар кўрсатган синф жамоалари муносиб тақдирланадилар.