Президентнинг беш муҳим ташаббуси доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида анъанавий тарзда "Ёш китобхон” танлови ўтказилиб келинмоқда. Жорий йил март ойида эса танловнинг янги мавсумига старт берилиб, барча ёш тоифаларида китоблар рўйхати эълон қилинди. Айни дамда мамлакатимиз китобхон ёшлари нуфузли танловга тайёргарликни бошлаб юборишган.
Ана шундай тиришқоқ ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 апрель куни Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими, Навоий шаҳар ММТБ ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги 8-ИАТЧЎИТ мактабида "Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича Республика босқичи ғолиби Иброҳимова Азиза Жондулла қизи билан мактабнинг фаол, ижодкор ҳамда китобхон ўқувчилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир ташаббускори мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, ёш носир Жамшид Бўрон учрашувни кириш сўзи билан очиб, тадбирдан кўзланган мақсад - 4 минг ўқувчи таҳсил олаётган таълим даргоҳида китобхон ўқувчиларнинг салмоғи кўплиги, танловга қатнашиш истагини билдирган юзлаб ўғил-қизларга танловда фаол иштирок этиш йўлида зарур тавсиялар бериш, янада дадил қадамлар ташлашлари, янги ишонч ва ғайрат билан интилишлари учун танлов ғолибаси билан самимий учрашув ташкил этилаётганини билдириб ўтди.
Фаол ўқувчилар Азиза Иброҳимова билан қизғин суҳбатга киришиб кетдилар. Қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Ўз навбатида танлов ғолибаси тенгдошларига доимий завқли мутолаа ўқувчини улғайтиришини, ҳаётни, атрофидагиларга муҳаббатни ошириши, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашини айтиб ўтди. Тадбирда шунингдек, Азизанинг отаси Жондулла Нарзиев, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўрибосари К.Омарова, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ҳ.Солиева ҳам иштирок этишди.
Маълумот учун айтиш лозимки, Азиза Иброҳимова танловнинг финал босқичида 374,1 баллни қўлга киритиб Президент совғаси "Спарк” автомобили соҳибаси бўлганди. Китобхон қиз финал таассуротларини ўртоқлашар экан, танловдаги иштирокида моддий мақсадни кўзламаганини, аксинча китобларни севиб, иштиёқ билан ўқишга бел боғлаганини ва бошқаларга ҳам мана шундай истак билан мутолаа завқини туйиш мумкинлигини маслаҳат берди.
Шундан сўнг, таълим даргоҳида "Ёш китохон” танловида иштирок этишга ариза топширган китобхон ўқувчилар тўпланган даврада маҳорат дарси ташкил қилинди. Азизанинг отаси, ҳам устози Жондулла Нарзиев китобхон энг аввало устоз қўлида аниқ режа билан мутолаага киришиши лозимлиги, шунингдек, фаол ва юқори натижа кўрсатишга оид барча тажрибалари билан ўртоқлашди. Муҳими барча ёшларга китоб билан ошно бўлишни тавсия этди.
Учрашув сўнгида тадбир қаҳрамони Азиза Иброҳимовага бадиий китоблар топширилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими