НАВОИЙ ШАҲРИ ДУНЁНИ ЧОРЛАМОҚДА
- 24.03.2023, 18:05,
- 107,
- Ахборот
- 0
Туркий дунё адабиётининг йирик вакили, Ўзбек адабий тилининг асосчиси, ҳазрат Алишер Навоий номига қўйилган шаҳар бугун жаҳон нигоҳини ўзига тортмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликларни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 29 июлдаги ПҚ-338-сонли қарори 1-иловасидаги "Туркий дунё доирасида "Табаррук зиёрат" туризм Концепциясининг "Туркий халқлар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш орқали туристларни жалб этиш” деб аталган 3-бобида Турк дунёси Ёзувчилари уюшмаси билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида жорий йилнинг 29-30 март кунлари туркий халқлар вакиллари иштирокида "Мумтоз шеърият” фестивалини ташкил этиш топшириғи белгиланган.

Ана шундай нуфузли тантанага мезбонлик қилиш Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Навоий вилояти ҳокимлигига юклангани бежиз эмас. Бундан сал олдинроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоир Сирожиддин Саййид бошчилигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан иборат делегациянинг халқаро Турксой Ёзувчилар уюшмасининг дастлабки қурултойида иштирок этгани ҳам туркий дунё адабиёти тарихида улкан воқеа бўлди. Айни дамда Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан фестивалга иштирок этувчи меҳмонларни кутиб олишга ҳозирлик кўрилмоқда. Белгиланган йўл харитасига кўра ушбу нуфузли фестивал давомида ташриф буюрган туркий халқлар шоирларининг дунёда тинчликни, эзгуликни, муҳаббатни мадҳ этувчи шеърлари ўзбек, турк, қозоқ, қуркман, қирғиз, қорақалпоқ, озар каби гўзал тилларимизда янграйди.
Бир-бирига азалдан қондош туркий дунё шоирларини бирлаштирувчи мумтоз шеърият фестивали эртамиз учун қуёш янглиғ нур сочишига шубҳа йўқ. Фестивал доирасида Навоий вилоятининг бепоён ҳудудида мавжуд бой тарихимизга гувоҳлик берувчи мўъжизакор масканларга зиёратлар белгиланган. Қолаверса, бутунжаҳон туркий халқлари ёзувчи-шоирларини бирлаштирган Турксой Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти бошчилигида жаҳон шоирлари ва адиблари вакилларидан иборат меҳмонларнинг улуғ бобокалон шоиримиз номи билан аталадиган вилоятда ўтказилаётган "Мумтоз шеърият" фестивалида иштирок этишлари Янги Ўзбекистонимизда адабиётнинг ва маънавиятнинг гуллаб яшнашига дахлдорлигидан нишонадир.
Баҳриддин Садриддинов,
Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят Бўлими раҳбари.
МАВЗУГА ОИД ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР: