"ЁШЛАР ВАТАННИ КУЙЛАЙДИ!" МУШОИРАСИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш ҳамда иқтидорли болаларни аниқлаш, уларнинг истеъдодларини номоён этишга имконият яратиш, ва қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маданий савиясини юксалтириш, уларнинг маънавий оламини бойитиш, китобхонликка кенг жалб қилиш, маънавий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Навоий шаҳар ҳокимлиги, Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими, Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят, шунингдек, шаҳар бўлинмаси ҳамда Навоий шаҳар Халқ таълими бўлими ҳамкорликларида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида "Ёшлар Ватанни куйлайди!” номли ёшлар мушоираси жорий йилнинг 9 август куни Навоий шаҳридаги "Меъмор" МФЙ ҳудудида жойлашган Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилди.
Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Баҳриддин Садриддинов, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлинмаси раҳбари Акром Муқимовлар очиб берди.
Шундан сўнг кичик ёшдаги ўғил-қизлар жажжи юракларида жўш урган беғубор туйғуларига йуғрилган илк шеърларидан айтиб, мушоирани бошлаб беришган бўлса, Алишер Навоийни англаш, ғазалларини ёд айтиш вилоятда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигидан фахр туйган ёшлар Ҳазрат сўз чаманининг муаттар ифорларини таратгувчи ғазаллар ўқиб ўстозлар эътирофига сазовор бўлишди.
Бадиий сўз санъати ва мусиқа ҳамоҳанглигида ўтган мушоирада ёшлар жонажон Ватанимизнининг бетакрорлигини самимий туйғулар ила Янги Ўзбекистонда қадр топаётган эл ва инсон бахту саодатидан сўз айтишга муяссар бўлдилар.
Ватаннинг чин фарзандлари бўлмиш устоз шоирлар ижодидан ўқилган сатрлар юракдан-юракка кўчиб бир эзгу мақсад, буюк Ватан қурмоқ йўлида ёшларни муштарак этди.
Тадбир сўнгида сўз олган устоз шоир ва адиблар бугунги адабий жараёнлар, адабиёт ва маънавиятга қаратилаётган эътибор, ижод аҳли учун яратилган имконлар хусусида тўхталиб, ёшларни китобхонликка, сўз ва тил софлигини асрашга чорлашди. Барча иштирокчилар тадбир ташкилотчилари томонидан Фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар билан тақдирландилар.