Жорий йилнинг 26-июнь куни Навоий шаҳридаги "Ёшлар кўли" атрофидаги ҳиёбон шаҳар аҳолиси, меҳмонлар билан гавжум бўлди. Эрта тонгдан юртимизда "30 июнь - Ёшлар куни" муносабати билан ўтказилаётган "Ёшлар фестивали" доирасида ташкил этилган турли тадбирлар, рассомчилик ва миллий ҳунармандчилик кўргазмалари, қўғирчоқ театри томошалари, янги чоп этилган китоблар ярмаркаси, миллий ва замонавий либослар намойиши барчани сайлга чорлади.
Кун давомида ёшлар ўртасида ташкил этилган "Зукко китобхон”, "Заковат” интеллектуал ўйинлари, шунингдек Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими, Маънавият ва маърифат маркази Навоий шаҳар бўлинмаси, Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази, Навоий шаҳар ХТБ ҳамкорлигида беш ташаббус олимпиадаси доирасида "Янги асар тақдимоти”, "Ижодкор билан учрашув”, "Ёшлар мушоираси” каби лойиҳалар қизғин давом этди.
Навоий шаҳар мактабларида фаолият юритаётган адабий тўгаракларда ижоди чархланаётган ёш ижодкорлар иштирок этган мушоирани "Зулфия" номидаги давлат мукофоти совриндори Хуршида Нарзиева, журналист Умида Раҳимова, ёш ижодкор, "Зомин" семинари иштирокчиси Фахриёр Бахтиёров, шоир, Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими раҳбари Баҳриддин Садриддинов, адиб, Абдулла Қодирий номидаги вилоят АКМ раҳбари Рамазон Ражабовлар баҳолаб боришди.
Ўз ижод намуналарини кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиш, ўзаро фикр-тажриба алмашиш, устозлар тавсияларини олиш имкониятини берган ушбу мушоирада фаоллик кўрсатган барча ижодкор ёшлар тадбир сўнгида бадиий китоблар билан тақдирланди.
Ёш ижодкор Зарнигор Саноева қаламига мансуб "Камалак жилоси” номли китоб тақдимоти ҳам ёшларда ўзгача таассурот қолдирди. Ёш муаллифга мазкур китоб ва ундан жой олган ижод нуманаларига доир саволлар ўйллаган ёшлар ҳам ушбу китобни муаллифнинг совғаси сифатада қабул қилишди. Бир сўз билан айтганда фестивал ёшларни адабиёт, шеърият, маънавият байроғи остида бирлаштирганлиги билан аҳамиятли бўлди.