Жорий йилнинг 31 май куни Навоий шаҳар ХТБга қарашли 16-айрим фанлар чуқурлаштириб ўргатилишга ихтисослашган мактабда Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими, вилоят ХТБ бошқармаси ҳамкорликларида вилоятнинг турли ҳудудларидаги мактабларда таҳсил олиб мавжуд адабий тўгаракларда тобланган ижодкор ўқувчилар ва уларнинг устозлари иштирокидаги ёзги семинарга старт берилди.
Лойиҳа асосчиси мазкур мактабнинг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Ҳулкар Ғаффорова адабиётнинг назм, наср, бадиий публицистика йўналишларида қалам тебратаётган ёшларни бугунги адабий жараёнлар ва китобхонликда фаол бўлишга чорлаб, маҳорат дарсини бошлаб берди.
Ижод остонасига эндигина қадам қўйган навниҳол ўқувчи ёшларга назм йўналиши бўйича дастлабки сабоқни таниқли адиб-шоир Достон Мавлонов бошлаб бедилар. Устоз ижодкор ўзининг газета ва журналлар таҳририятида, олий ўқув юртларининг тегишли нашрларида орттирган тажрибаларини ўқувчи ёшлар билан бўлишаркан,. устоз Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Зафар Диёр, Мақсуд Шайхзода, Омон Матжонлар ижоди мисолида қолаверса, устозлардан олган ўгитлар, ҳаётий-ижодий тажрибалари билан ўртоқлашди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида ҳар бир ёш истеъдоднинг машқини тинглаб тегишли маслаҳатлар берди.
Шундан сўнг, наср йўналишига доир суҳбатлар билан "Зомин” семинари иштирокчиси ёш носир, Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими етакчи мутахассиси Жамшид Бўрон маҳорат дарсини давом эттирди.
Ўзбек насрчилиги, соҳада баракали ижод қилаётган ёшлар ижоди, ҳикоя учун мавзу танлаш, образлар устида ишлаш, сюжет яратиш, масал, эртак ўртасидаги фарқларга тўхталди. Яхши носир бўлиб шаклланишда китобнинг ўрни ва аҳамияти, ҳаётий тажриба, яхши устоз ва машшаққатли меҳнат ётишини таъкидлади.Мулоқот жараёнида уй вазифаси сифатида янги ҳикояга илҳом берувчи калит сўзларни айтиб, мутолаа учун яхши асарлар ҳам тавсия этди. Ижодкор ўқувчиларга ўзаро тажриба алмашиш ва адабий дўстлик ўрнатиш имконинни берган кун янада аҳамиятли бўлди.