Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан Хатирчи тумани "Миёнқол" МФЙ ҳудудидаги 24-умумтаълим мактабида ёш умидли ижодкор, "Зомин" семинари иштирокчиси Ниятулло Элбек ўғлининг "Кўнглимдагилар” номли китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди. Мактаб адабиёт фани ўқитувчиси Башорат Эргашова ҳамда "Миёнқол" маҳалла раиси Жамолиддин Саломов тадбирни очиб, барчани яқинлашиб келаётган байрам билан қизғин муборакбод этди. Ўз маҳалласидан умидли ижодкор етишиб келаётганидан фахрда эканлигини таъкидлади.
Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими бош мутахассиси Ҳулкар Ғаффорова ҳам тақдимотда иштирок этиб, Республика Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан ёшларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодини намоён этишга кўмаклашиш мақсадида "Биринчи китобим" лойиҳасида чоп этилган, Ниятулло Элбек ўғли қаламига мансуб "Кўнглимдагилар” китоби ва ёш ижодкор ижодининг ўзига хос жиҳатлари, китобдан жой олган шеърларнинг мазмун моҳияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритди. Ёзувчилар уюшмаси ҳамда вилоят бўлими тадбирларидаги фаоллиги ҳамда ёшларни китобхонликка жалб этиш борасидаги хизматлари учун ташаккурнома билан тақдирлади. Шундан сўнг Ниятулло Элбек ўғли ижод намуналаридан ўқиб берди. Ўзи таълим олган мактабига бадиий китоблар жамланмаси совға қилди. Мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларни ҳам ижодий тўгаракларга чорлаб, устозлар ижодини ўқишни тавсия қилди. Тақдимот якунида хатирчиликлар мушоираси уюштирилиб, ғолиб бўлган ўқувчиларга муаллиф дастхати билан ўз китобидан совға қилди.