ОДИЛ ҲОТАМОВ 71 ЁШДА

20 март навоийлик кўплаб ижодкорларнинг устози, камтарин инсон, ҳақиқий маънода халқ шоири бўла олган Одил Ҳотамовнинг таваллуд куни. 71 баҳорни қарши олаётган устозга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз!
ОДИЛ ҲОТАМОВ 71 ЁШДА

…Саҳфаларда чайқалар дунё,
Дилга мезбон турфаранг сўзлар.
Вужуд ва руҳ тентиб, зим-зиё,
Кечалардан исмингни излар…

…Еллар ифор сочар, тупроқ йўл,
Чангдан ортиқ не берар танга.
Севилганга қадрдондир ул,
Ундан яқин севилмаганга…

* * *

Пастак кулба – уйимда,
Ўйлайман дунёларни.
Ҳайдайман зил ўйимдан:
Сароблар, рўёларни.

Келар айлабон шукур,
Улкан олам хам бўлиб,
Тонггача тушгай зикр –
Юрак жамулжам бўлиб.
 * * *

Қалбим аро ўтли туғёнлар
Ўтга солар жону жисмимни.
Менсиз ҳолдан тойган имконлар
Нажот билиб чорлар исмимни.

Юлдузларин ёқади оқшом,
Ҳилол – орзу қалами билан.
Армонларга умрлар ош-нон,
Ошиқ ёнар алами билан.

Узун кеча. Соялар дилдош,
Қўшиқларим айтавераман.
Ипак қурти – энг содиқ сирдош,
Ўзлигимга қайтавераман.

* * *

Бахтдан кўзим ёшлаёлмайман,
Сидирганча кўлка, лошларни.
Йўлдан олиб ташлаёлмайман,
Товонимни тилган тошларни.

Боғланганман шунчалар ортиқ,
Минорадай ҳақиқатларга.
Юрагимни айлайман тортиқ,
Нур уммони – тариқатларга.

Тинсиз чорлар ям-яшил эпкин,
Яқинлашар юрсанг гар қуёш.
Юзларимни ювади секин,
Бахтдан ортган бир томчи кўзёш.
 
Одил Ҳотамов, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Меҳнат шуҳрати» ордени ва «Шуҳрат» медали соҳиби.



Сўровнома
Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими фаолияти билан танишмисиз?
Мақолалар архиви
Фотолавҳалар
  • Иш тартиби
  • Обуна
Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Навоий шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, “Нуронийлар маскани”.
Почта индекси: 210100
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Тушлик вақти: 13:00 - 14:00
Дам олиш куни: Шанба, Якшанба.
Алоқа рақами: 95-603-28-56
E-mail: navoiyijodkorlari@mail.ru
Веб-сайтни юритиш бўйича масъул: Тўйқулов Бекзод

Веб-сайт янгиликларидан бохабар бўлиб туришингиз учун қуйида кўрсатилган қаторга электрон манзилингизни киритинг ва обунани электрон манзилингизга юборилган хатдаги ҳавола орқали тасдиқланг:

Фойдали ҳаволалар