ЖАМОАТЧИЛИК ТАШАББУСЛАРИ - ЖАМИЯТ УСТУНИ !

ЖАМОАТЧИЛИК  ТАШАББУСЛАРИ  - ЖАМИЯТ УСТУНИ !

Матбуотда   "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги  Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида” ги  Президент  Фармони билан танишар эканман, менда   ана шундай   хулосалар  уйғонди. 
 Муҳтарам Юртбошимизнинг йил бошида Олий Мажлисга мурожаатномасида  белгиланган "Жамият-ислоҳотлар ташаббускори” деган ғояни амалда рўёбга чиқариш,аҳолининг  давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш,Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш,фуқаролар ,жамият  ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини  ўрнатиш, шунингдек, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш  мақсадида     дунёга келган ушбу тарихий ҳужжат   жамиятимиз ривожида муҳим  аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Фармонда  ташкил этилаётган  Жамоатчилик  палатасининг асосий  йўналишларида давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама  ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатларини келишилишини таъминлаш лозимлиги  алоҳида таъкидланган. Демак, бундан кейин  жойларда   жамиятни  янада  ривожлантириш  учун   етилаётган таклифлар,ташаббуслар  чанг босиб қолиб кетмайди.Энди улар    шу жойнинг ўзида жамоатчилик асосида  ўрганилиб, амалиётга   оширилади.Бунда  фуқароларнинг  давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга  ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг  замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш  зарурлиги ҳам ушбу ҳужжатда  қайд этилган. Айниқса, жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалалар  муҳокамаси ва ечими бўйича  Президентга, Олий Мажлис палаталарига ва Ҳукуматга  тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқиш юзасидан  таклифлар  киритиб бориш тартиби  жорий этилгани  қувонарлидир.
Демак,  миллатимизнинг ҳар бир ҳур фикрли вакили  уйғоқ   ижодий  фикри билан  жамиятимизни янада  юксакка кўтаришга  бевосита  иштирок эта олади. Фармонда   фуқаролар  , нодавлат нотижорат ташкилотлари ,оммавий ахборот воситалари  вакиллари  ва блогерларни  сўз эркинлиги,фуқароларнинг ахборот олиш  ва тарқатиш  ҳуқуқини амалга ошириш, ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича муҳокамага жалб этиш ҳамда мазкур  кўтарилган  масалаларни ҳал этиш борасида  амалий таклифлар ишлаб чиқишга жалб этиш   ҳам  акс этганки, бу аслида  бизнинг мамлакатимизда   амалга оширилаётган  ҳаққоний  демократиянинг   яна бир ифодасидир .  
Жамият ривожида  жамоатчилик  назоратининг  алоҳида ўрни бор, албатта. Фармонда ушбу   тизимининг  "жамоатчилик эшитуви”, "жамоатчилик  экспертизаси”,”жамоатчилик мониторинги”  каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини  амалда жорий этилиши лозимлиги  ҳам белгиланганким,  демак  ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойлардаги  ижроси  жамоатчиликнинг нигоҳидан  ҳеч қачон четда қолмаслиги шарт. 
Халқимизда  "кўпдан қуён қочиб қутулмас”, "Кўпнинг орасида Хизр бор”  деган  нақллари  худди шу  Фармонда ҳам  ўз ифодасини топган, деб ўйлайман.  Масалан, ушбу ҳужжатда   "халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш   , жумладан мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга  татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда  эгаллаган  ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан   кенг фойдаланиш ҳамда  хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш,нодавлат ташкилотларига халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш каби имкониятлар  ҳам ўз ифодасини топгани  ҳам  жамиятимиз келажагига  хизмат қилади, албатта. 
   Буни англашдан олдин   доно ва  оқил , буюк  миллатимизнинг   тарихига   назар солсак арзийди.   Қардош  ва қўшни  халқлар  билан   маданият , адабиёт соҳасида  давом этаётган   ҳамкорлигимиз    аслида   неча минг йилларга бориб тақалишини эсга олишимиз лозим.
Битта жўн  ҳақиқат : миллатимиз  маънавиятининг  раҳнамоси  Алишер  Навоий ҳазратларини бугун  қардош халқларимиз шоирлари  ҳам  ўзларининг устозлари деб ҳисобласа,  форс -тожик  шоири Умар Ҳайём, қардош туркман шоири   Махтумқули ҳар бир ўзбек хонадонида севиб ўқилади.  Бундай мисолларни  ўнлаб , ҳатто юзлаб келтириш мумкин. 
Демак,  Фармон  адабиётимизни ҳам четлаб ўтмабди!  Адабиётимиз  ҳамиша    мангуликка хизмат қилаверади.  Юраги эзгуликка қорилган  шоиру адибларимиз  эса   бундан кейин ҳам    озод ва обод Ўзбекистонимиз  халқининг дунё халқлари билан  дўстлик ришталарини  боғлашда  хизмат қилишига ишонаман.
                                   *  *  *
Ўзбек  отига минди --  Бойчибор ё  Ғиркўкни,
 Ўзбекнинг   оти  қаранг, чайнаётир сувлуқни, 
Дунё  ҳам кўриб қўйсин- асл  мард, бир сўзликни,
Пойгаларда  титратар, илло  осмон , Ер-кўкни,
Оти пойгада  ўзгай -Худо  суйди Ўзбекни!

Истиқлолим мангудир-мен ураман кўкракка,
Ўзбекистон ,Ота юрт,қуёшинг  келди тикка,
Мен сени улуғлайман, қўшилиб байт-баракка,
Толеингдан айланай,шавқим сиғмас юракка-
   Дунёлар  сўраб келар– Худо  суйди Ўзбекни! !

Юртдошим томирида  даҳоларнинг қони бор:
Беруний,  Ибн Сино ,Хоразмийга дахлдор,
Яссавийдек пиримга  қардошларим  ҳам иқрор,
Дунё букун Навоийнинг ҳимматидан умидвор,
Улуғларин улуғлаб  -   Худо  суйди Ўзбекни!  !      !

Шукрона  айтиб, халқим шаҳарлар қураётир,
 Бахт -саодат гаштини  беминнат сураётир,
Минг йиллар  тадоригин ҳозирдан  кўраётир,
Дунёнинг   пучмоқларин сабабин сўраётир,
Чўпони ҳам  олимдир-   Худо  суйди Ўзбекни! 

Бу  халқ азал  улуғдир,англар барча   замондош,
Ўғил-қиз оқил ўсгай,оқибатлик , қаламқош,
Пирлари  мададкору,дўстлари бўлгай йўлдош, 
Бир томон туркман қардош, қозоқ асли қариндош,
Қирғиз,тожик  ҳам   қондош-    Худо  суйди Ўзбекни!  

Орим -Ватан ,жоним - Ватан,ўзинг  менинг пешонам,
Нор бўлгайсан  ҳамиша, Ҳаққа етгайдир нолам,
Карвонимнинг сарбонин қўллагай  Қодир Эгам,
Дунёга  тинчлик тилар, тинч бўлсин  дер, бу олам-
Дўсти  кўпайди   мана-  Худо  суйди Ўзбекни!    

Ўзим ҳам  қайга  борсам -келгандайман кўрикка,
Ҳар қадамда ўзгариш , қараб қўй янгиликка,
Жигарим  тадбиркордир, қалпоғин отар кўкка,
Хорижлик ҳамкорларим   ишлар энди шерикка-
Замон ахир эврилди-   Худо  суйди Ўзбекни! 

Бугун  танти  Ўзбекнинг қадамида барака,
Лойсувоқ томлари  йўқ,  сира ўтмайди чакка,
Орияти  туғ    халқим  , ҳечам қолмагай якка,
Ўзбеки   белбоқлари ярашгай ҳар эркакка,
Дўпписин кийди яна -   Худо  суйди Ўзбекни! !    

Ўзбекнинг қишлоқлари шаҳар каби керар қад,
Ўзбекнинг   эртасини     обод  этгай  оқибат,
Ўзбек  тўй қилаётир, дўст, келавер, марҳамат   .
Тошкент –улуғ   пойтахтим, тарқатавер маърифат,
Маърифатни туғ қилди-  Худо  суйди Ўзбекни!   

Баҳриддин  Садриддинов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  Навоий вилоят Бўлими раҳбари, шоир.



Сўровнома
Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими веб-сайтини қандай баҳолайсиз?
Мақолалар архиви
Фотолавҳалар
  • Иш тартиби
  • Обуна
Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Навоий шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, “Нуронийлар маскани”.
Почта индекси: 210100
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Тушлик вақти: 13:00 - 14:00
Дам олиш куни: Шанба, Якшанба.
Алоқа рақами: 95-603-28-56
E-mail: navoiyijodkorlari@mail.ru
Веб-сайтни юритиш бўйича масъул: Тўйқулов Бекзод

Веб-сайт янгиликларидан бохабар бўлиб туришингиз учун қуйида кўрсатилган қаторга электрон манзилингизни киритинг ва обунани электрон манзилингизга юборилган хатдаги ҳавола орқали тасдиқланг:

Фойдали ҳаволалар