Азмиддин ШАРИПОВ ШАЪРЛАРИ

*** 
Дунё, сенинг ёзуғингда,
Ўзим билан ўзим бўлдим.
Шода-шода кечмишларинг,
Мен ҳам тизим-тизим бўлдим.

Қайга борсам эгилар бош,
Мен ҳам бошни эгиб сарсон.
Нурга қараб чопмоғим бор,
Енгиб қўйди бу зимистон.

Мен эгилсам,
Мен йиқилсам,
Кимга аза, кимларга тўй.
Меҳрга зор бир ўғлингни,
Қўлидан тут, турғазиб қўй.

Отим Мажнун,
Йўлим сўқмоқ,
Тоғларингдан ошиб бўлдим.
Бу юракдан, 
Бир юракка
Ишқ юкини ташиб бўлдим.

Муҳаббатга айтмоғим бор,
Аммо, сўзим олмаяпти.
Энди қай бир кўчасига
Кирсам изим қолмаяпти.

Ундан мужда кутиб-кутиб,
Аросатда дил қарийди.
Ҳали бир бор қадам босиб
Ўтилмаган йўл қарийди.

Ўзинг айт-чи,
Бандасига
Ҳали нелар дуч қилади?!
Ахир жони тошдан эмас,
У ҳам бир кун йиқилади...

Яратганнинг яратган бу
Сарсонига тўзим сўра.
Яёв йўлга отланаман,
Кетмоғимга изн сўра.

Шунда сен ҳам қутуласан
Мендек далли-девонадан.
Агар қайтсам, йўқ, кечирма
Ва киритма остонадан...

***
Ота, бугун узо-о-оқ ўйладим,
Мен қишлоққа қайтаман эрта.
Қадрингизни билиб боряпман,
Товонимга тош ботган ерда.

Нима берди менга бу шаҳар?!
Аслимни-ку олмаяпди тан.
Билим берар обру берар,
Лек,
Оқибатни беролмас экан.

Кетмонларни соғиндим ота,
Қумсаяпман тупроқ йўлларим.
Қалам ушлаб юраверибман,
Нозиклашиб кетди қўлларим.

Сизчи, мендан фахр этасиз,
Сўз ўйнатган мадҳиябоздан...
Дард бўлмаса нима наф ота,
Қораланган шу-унча қоғоздан.

Кунингизга ярадими шеър,
Сотиб олиб бердими дунё.
Елкангиздан кетмон олдими,
Бир қултум чой тутганмиди ё?!

Шаҳарликман ўзимча бугун,
Лек ҳавоси юрак сиқади.
Онам излаб юрган келинлар,
Тушларимга кириб чиқади.

Йўқ,
Бундайин яшаб бўлмайди,
Виждоннинг ҳам сарҳисоби бор.
Она қишлоқ мени бир алқа,
Йўлларимни ёритиб юбор.

Ота, менинг орзуларим мўл,
Лек бошимни бир гуноҳ эгар:
Юзсизларча бораман эрта,
Юзсизлигим кечирсанг агар...

***
Нур сўраб қарайман осмонга,
Қалтираб қарайман осмонга.
Водариғ, бошимга тушгудай,
Қўл тираб қарайман осмонга.

"Қўрқоқлик" мақомин олиб тан,
Юракни бой бериб қуйибман.
Энди ер бағридан ҳайдалиб,
Мен "Сомон йўли"да юрибман.

Қуёшни ўзимга тоқ қилиб,
Дилда не андуҳ бор, оқ қилиб.
Не ажаб, шу Сомон йўлда ҳам,
Қоқилиб боряпман, қоқилиб.

Мен қачон ўргандим кетишни?!
Билмасдим тупроқдан кечишни.
Қўлимдан тут учар юлдузлар,
Ва ўргат қуёшга учишни.

Ошиқма нодонга йўймоққа,
Ахир бор ихтиёр қайтмоққа.
Қуёшни бағримга бир босай,
Ва кейин қайтаман тупроққа...

Қишлоққа кетиш олдидаги ўйлар...

Она қишлоқ,
Соғинаман,
Сени неки замонлардир.
Мени кутма,
Мен бораман
Қачонлардир,
Қачонлардир...

Ахир сендан аразим бор,
Ўзга ҳам тош отиб қуйдим.
Сендан кетиб тош шаҳарнинг,
Тош бағрига ботиб қўйдим.

Бу кўчалар мени энди,
Овутишга урунади.
Бироқ менга ҳамма нарса,
Бегонадай кўринади.

Сенга борсам хотиралар...
Яралайди ўқ дилимни.
Уйи вайрон бўлган қушдай,
Тополмайман манзилимни.

Омонатга бир жонимни,
Берганимни эсладингми,
Асра дедим.
Сен-чи уни,
Ерга кўмиб асрадингми?!...

Чорлама, қўй.
Бир кун бошим
Ё ошимни ўзинг ейсан.
Омонатим қани десам,
Нима дейсан,
Нима дейсан?!....

Рассом қизга

Ҳавасим келади мўйқаламинга,
Рангсиз ҳаётимни рангин қиласан.
Мен эса жимгина туравераман,
Сен мени қачондир чизиб бўласан.

Хижолатлар дуди анқийверади,
Мени ўхҳсатганинг буюк дарғага.
Рассом қиз,
Ўхшайман ахир кимнингдир,
Қалбидан қувилган бир бадарғага.

Соддароқ чизсанг ҳам ярашаверар,
Бурнимни кичикроқ чизиб қўйсанг ҳам.
Ундоқ тур демада, бундоқ тур дема,
Ахир мен шунақа беўхшов одам…

Қўлларинг сеҳрини кўрсат-чи, синглим,
Сени яратмаган худо ҳам бежиз.
Бироқ, қиёфамни чизма,
Ўтинчим,
Кўнглимни чизиб бер, 
Юрагимни чиз!

Мен эса жимгина туравераман,
Кўнглимни қачондир чизиб бўласан…
 
***
Ғилдираклар, айланади ғилдираклар,
Юрак тўла дупур-дупур, гулдураклар.
Шошга кетай, она қишлоқ, қўйиб юбор,
Изн бергин кўкка етган бўй тераклар.

Кекса тутлар, дуо қилинг ўғлингизни,
Соғинаман қалдирғоч-у қумрингизни,
Менга оқ йўл тилаб туринг жон оғалар,
Яратгандан тилаб берай умрингизни.

Гуноҳ билманг, узоқ муддат келмай қўйсам,
Айб буюрманг юлдуз санаб, булут қувсам.
Минг йил ўтиб уйғонаман агар-ки мен,
Олтинсойнинг сувларига юзим ювсам
 
Кўз илғамас чўққиларни кўзлаяпман,
Ўзни сенлаб, ўзгаларни сизлаяпман.
Бир ками ҳеч тўлмайдиган дунёсидан,
Излаяпман, 
неларнидир излаяпман.

Аслидаку менга таниш бу довонлар,
Қадрдонда менга дашт-у биёбонлар.
Нима қилай,
Мен нодонни асир этган,
Сўронларга тўлиб ётган хиёбонлар.

Қуёш бўлинг зулмат ичра қолганимда,
Устоз бўлинг билмаганим, билганимда.
Мен Тошкентга толе истаб кетаяпман,
Қабул этинг меҳр истаб келганимда...

Навоий - Тошкент

***
 Хосият Рустамовага

Кажрафторнинг қисматига шошдим бекор,
Ишқ тоғ бўлса, шу тоғидан ошдим бекор.
Дарёлигим қуриб кетсин, тошдим бекор
Шу бир дарддан милён йил-ки хастадирман.

Боғ бўлдим-у, япроқ керак эди менга,
Шамол эсса титроқ керак эди менга,
Ей майсалар, янтоқ керак эди менга,
Шул сабабки,
Шул сабабки даштдадирман.

Осмон эдим, кўксимни тоғ этиб юрдим,
Манзилимдан анча йироқ кетиб юрдим.
Не юлдузлар, ойлар бўлса етиб юрдим,
Водариғ-ки, бу кун ердан пастдадирман...

Тоғда ёмғир

Томчилар, юмалаб тушар бемалол,
Ювиб кетмоқчи дил зимистонини.
Шаррос ёмғирларга тўйинган ҳаёл, 
Ушлагиси келмас соябонини.

Тоғни қулатгудек қичқирар бургут,
Бажарилмагандек унинг талаби.
Сўппайиб турибди ёлғизгина тут,
Худди ахдлашгани келмаган каби.

Бир туёқ сиққулик ётар йўлаклар,
Ғорлар ваҳимали қарайверади.
Туннинг ҳукмдори-кўршапалаклар,
Ҳануз ухлайдилар, ухлайверади.

Шимолдан бир совуқ нафас уфуриб,
Бошланар ёмғир ва қорларнинг жанги.
Ёмғир бошлаб келган селларни кўриб,
Оқариб кетгандай теракнинг ранги.

Тоғнинг элкасига осилган фалак,
Улкан харсангтошлар ётар қалашиб.
Булутга қўлини силкитар чечак ва 
Ёмғирнинг ғайрати кетади тошиб.


Сўровнома
Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими фаолияти билан танишмисиз?
Мақолалар архиви
Фотолавҳалар
  • Иш тартиби
  • Обуна
Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Навоий шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, “Нуронийлар маскани”.
Почта индекси: 210100
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Тушлик вақти: 13:00 - 14:00
Дам олиш куни: Шанба, Якшанба.
Алоқа рақами: 95-603-28-56
E-mail: navoiyijodkorlari@mail.ru
Веб-сайтни юритиш бўйича масъул: Тўйқулов Бекзод

Веб-сайт янгиликларидан бохабар бўлиб туришингиз учун қуйида кўрсатилган қаторга электрон манзилингизни киритинг ва обунани электрон манзилингизга юборилган хатдаги ҳавола орқали тасдиқланг:

Фойдали ҳаволалар