Кўнгил кечинмалари
Дўст дегандим, лекин ўшандаям унда кибр ҳаво бор эди. Гарчи шаҳарга яқин қишлоқнинг оддий оиласидан бўлсада ўзини киборлардек тутарди. Биз олис қишлоқликларни унчалик менсимасди. Айниқса, урис тилидан "нол” қишлоқиларни. Лекин охирги курсда мен ва Қашқадарёнинг тоғли қишлоғидан келган дўстим Бобоназар билан диплом иши ёқладик. Ўзбек гуруҳидаги 75 нафар талабадан фақат иккимиз ҳимоя қилдик. Яна аъло баҳога. Дўст эса давлат имтиҳонидан ўтолмади. Аламидан армияга кетди. Қайтгач бир амаллаб диплом олибди. Қарийб 32 йил кўришмадик.
Бари бир ҳам ширин дамлар эди. Назаримда инсонни талабалик ва ҳарбий хизмат йиллари ҳаётга тайёрлар экан.
У ўша талабалик йилларида ҳам ўзини осмонларда тутарди. Уч-тўртта шаҳарлик олифталарга қўшилиб қишлоқдан келган курсдошларига бемалол иш буюрар, бажармаса турткилашдан ҳам қайтмасди. Ожиз ва нотавон бўлсада ориятли "қишлоқи” учун нақадар оғир ботарди. Аламдан қуйилиб келган ёшларни ютиб юборарди. Бир икки мушт ерди лекин у буюрган ишни қилмасди. Чунки курсдош қизлар ачиниш билан, ўзларини осмонда кўрадиган баъзи шаҳарлик дўндиқчалар эса масхаромуз кулиб томошабин бўлиб туришарди-да.
Беш йил тавоф қилиб келган муқаддас даргоҳни тарк этиб, ҳар томонга тўзиб кетдик.
30 йиллик учрашув. Дўст ҳам келди. Яна ўша кибр-ҳаво, саломлашиш ҳам тоифага қараб бўлди. Ўзгармабди. Ўттиз йил кўришмаган курсдошлар учрашувига оддий спорт кийимида келди.
Мен нотавон барча гина кудуратларни унутиб қучоқ очиб борибман. У эса 30 йил олдинги одатидек шунчаки қўл узатиб қўйди. Яна ўша дўндиқчалар (гарчи юзларига аллақачон кексалик соя ташлаган бўлсада) масхаромуз кулиб қўйишди. Орадан ўттиз йил ўтиб яна мулзам бўлдим.
-Мен сени танимайроқ турибман. Қайси гуруҳдан эдинг,-сенсиради Дўст.
-Мен сизни танидим, ўзгармабсиз.
-Э-э, энди эсладим, Г гуруҳдан эдинг-а. Ўшандаям кўзга ташланмасдинг-да.
-Дўст, мен сизни ҳар доим...
-Ҳа энди катта жойларда ишладик, ички ишларда раҳбар бўлдик, ҳозир департаментдаман. Айтганча, ўзинг мактабда ишласанг керак.
-Тўрт йил мактабда ишладим, 25 йил бўлди, вилоят газетасида мухбирман.
-Йўғе, сиз-а-а, наҳотки дўстим, ўшандаям истеъдод бор эди-да сизда.
Негадир ўттиз йиллик учрашувда ҳам собиқ курсдошлар тоифага бўлиниб ўтиришди. Ҳар доимгидек талабалик йилларида кўзга ташланмай юрганларга пастроқдан жой тегди. Ёшинг элликдан ўтгандан кейин бундай ҳолат бошқача таъсир қиларкан. На илож, ахир пастда ҳам кимдир ўтириши керак-ку.
Ўшанда Дўст билан биринчи марта учрашгандик. Кейин курсдошларнинг бир маъракасида яна дуч келдик, у энди ёшимиз бир жойга бориб қолаётгани, дийдорлашиб туриш кераклиги, одамийлик ҳақида узоқ вақт ваъз ўқиди. Уйида бир пиёла чойини ичгандик.
-Сен уйингда бир пиёла чой қилишгаям ярамадинг-га,-писанда қилди Дўст.
-Ахир шу куни шифохонада яқин қариндошим жон талашиб ётганди-да, кўрдингиз,иложсиз эдим-да.
-Э-э, ҳозир тиббиёт тараққий этиб кетди, бугунги замонавий тиббиёт нималарга қодир эмас.
-Беморни вилоят марказидаги шифохонага олиб боришга тўғри келди. Лекин қўлимиздан ҳеч нарса келмади, оллоҳ раҳмат қилсин.
-Бошида турсанг ҳам бўлмабдику, озиб-ёзиб бир келгандик.
-Маҳмуд курсдошимиз кутиб олибдику.
Куни кеча Дўст шу гапни айтди. Ёшимиз олтмиш остонасида турганда шу гапни айтди-я. Кўксимдаги симиллаган оғриқ бутун танамни қисувга олди.
Курсдошимизнинг тўйи баҳонасида, Дўст уйида берган бир пиёла чойини писанда қилганди.
Ўшанда зиёфатини егандик, қайтариш керак эди-да.
Исроил Холбоевнинг