Истам Ҳамроев– 1953 йил, Кармана туманидаги Дўрмон қишлоғида туғилган. Касби – муҳандис. 1971-76 йилларда Тошкент Политехника институтининг энергетика факультетини - "Иссиқлик энергетикаси " ихтисослиги бўйича тугаллаб, ҳозирги пайтда "Навоий иссиқлик электр станцияси” Акционерлик жамиятида Аҳборот хизмати бошлиғи сифатида фаолият олиб боради. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор. 2011 йил "Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси(№30)да "Келин” номли ҳикояси, 2012 йил "Ёшлик” журналида "Тазарру” номли қиссаси эълон қилинган. Вилоят ва Республика вақтли нашрларида мақолалари билан қатнашиб туради. Вилоят нашрларида проза ва шеърлари билан чиқиб туради.
СЎЗ ҚАДРИ
"Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз”.
Ҳазрат Навоийнинг бундан беш аср илгари қолдирган ҳикматлари – асрлар давомида баҳоси ошиб борган осори атиқадай, салмоғи ошиб борса борадики, асло камаймайди.
Мен Абдулла Қаҳҳор, Кибриёхоним Қаҳҳорова, Ойбек, Ваҳоб Рўзиматов, Одил Ёқубов, домла Озод Мўминов ва бошқа кўпгина забардаст адиб ва адабиётшуносларимизнинг ёзган, таржима ва ёки таҳрир қилган асарларидаҳамма тилларга, шу жумладан ўз она тилимизга ҳам бениҳоя қайноқ ҳурмат-эътиборни туяман. Албатта, бу улуғ инсонлар сўз санъатининг чин заргарлари сифатида халқимизнинг юрагида абадий яшайдилар. Шуларнинг сабоқларидан келиб чиқиб шундай бир ўхшатиш қилгим келди: сўз – тилига ихтиёрсиз, қўпол, маданиятсиз одамларнинг тилида худди ўтиндай ёнади, тингловчини иситмайди, балки кўйдиради; уни қадрлайдиганларнинг тилида бамисоли ҳунарманднинг маҳсулотидай керакли бирор буюм каби оғирингизни енгил қилади, корингизга ярайди, юрагингизга далда бўлади; сўз санъаткорининг ёзганларида эса тенгсиз санъат асарига айланади. Лекин минг бора афсуски, кейинги пайтларда биринчи тоифага хос кишилар, яъни, уни уят-андишасизўтин сифатида ишлатаётганлар, шу жумладан, адабиёт-матбуот вакиллари ва юқори амал-мансаб эгалари орасида ҳам кўпайиб бормоқда.
Яқинда бир нохуш воқеанинг гувоҳи бўлдим. Юқори мартабали бир амалдор кўпчиликнинг олдида отаси тенги кекса кишини шунақа сўзлар билан ҳақорат қилдики, нақ илон пўст ташлайди. Унинг оғзидан чиққан гапларни ҳатто қоғозга ўраган ҳолда ҳам, қоғозга битиш мушкул. Шунақа пайтларда баъзида Ҳазрат Навоийнинг ўша ҳикматларининг битишига сабаб бўлган касларнинг бизнинг замонамизда, ён-веримизда ҳам ўша замонлардан бери асло кам эмаслигига ишонч ҳосил қиламан.
Юқори лавозимларга ходимларни тайинлаш сўровнома(анкета)сида "Ҳазрат Навоий ҳикматларидан ҳам озми-кўпми, хабардорми?” деган савол йўқ-да. Афсус, афсус...