Азамат Сафаров ижоди

ҚАРЗ

(Ҳикоя)

 

Аҳмад учун бугун сўнгги муддат. Агар пулни беролмаса уйдан чиқиб кетиши керак. У эрталабдан дўсти Ромиддиннинг уйига шаҳд билан бормоқда. Берган қарзини бугун олмаса, эртага кеч бўлади. Тўғрироғи, қишлоқдошлари ўртасида шарманда бўлиши тайин. "Ўн йил туман марказида яшаб битта уй ололмасдан яна қишлоққа кўчиб келибди” деган миш-миш тарқатувчи ғаламислар топилади.

Куз ёмғири анча майин. Аммо, унинг юзига наштардек урилди. Аҳмад йўл-йўлакай дўстига айтмоқчи бўлган гапларини ич-ичида такрорлаб борарди. "Дўстмисан, душманмисан ўзи. Ахир, бир ҳафтада қайтараман дегандинг, ифлос. Олти ойдан ўтиб кетди. Сенга ишониб, хонавайрон бўлаяпман. Менинг ҳеч нарса билан ишим йўқ. Бугун пулни бермасанг кетмайман. Молингни сотасанми, уйингни сотасанми, бойвачча қайнотангга борасанми, менга бари-бир. Сенда инсоф борми ўзи. Менинг аҳволимни ҳам ўйласангчи”.

Аҳмад табиатан раҳимдил, оқкўнгил бўлсада, бугун у ғазаб отига минганди. Бошқа чораси ҳам йўқ. У ичида бўралаб сўкина-сўкина Ромиддиннинг уйига келиб қолди.

– Ромиддин, ҳо Ромиддин, – у зарб билан дарвозани қаттиқ муштлай бошлади. Ғазабдан вужуди қалтираб кетди. Гуё, атроф ларзага келгандек бўлди.

– Ҳув, ҳозир, ҳозир... – ичкаридан аёл кишининг овози келди. Дарвоза очиқ бўлганлиги учун Аҳмад остона ҳатлади.

Қаршисида Ромиддиннинг хотини Мохира турарди.

– Ассалому алайкум, яхши юрипсизларми? – ноилождан қисқа сўрашди Аҳмад. – Ромиддин уйдами?

– Дўстингиз уйда йўқ эди-да... – ғудранди Мохира қўлида ёш боласи билан.

– Қачонгача яшириниб юради. Аблаҳ экан-ку. Айтинг чиқсин. Бугун борини-бор, йўғини-йўқ қилгани келганман. Чиқсин номард.

– Менинг ҳам жонимга тегиб кетди, Аҳмад ака, – Мохира кўзларида ёш билан давом этди. – Ҳар куни уч-тўрт киши қарзини қистаб келади. Ҳали ҳам сизда инсоф бор экан, чидаб келаяпсиз. У куни қўшнимиз уйдаги ягона соғин сигиримизни етаклаб кетди. Фарзандларим билан чирқиллаб қолдик, акажон. Дўстингиз "Қандай бўлмасин Аҳмаднинг қарзини узишим керак, унинг аҳволи меникидан ҳам оғир” дея бор йўқ пулига қишлоқдан майиз йиғиб Қозоғистонга кетганига роса бир ҳафта бўлди. Шу кунгача қайтмаганига ҳайронман..., – Мохиранинг кўз ёшлари лабигача сизиб тушди.

Аҳмаднинг боши қотиб қолди. Бояқишга раҳми келди. Аммо, иложи йўқ. "Нима қилсам экан. Ромиддиннинг қайнотасиникига борсаммикан. Фойдаси йўқ. Ҳозиргина Мохира айтди-ку "Дўстингиз отамдан ҳам қарз олавериб, ишончни йўқотган” деб. Эҳ, Аҳмад, Аҳмад ўшанда Ойқизнинг гапига кирганимда бугун бу аҳволга тушиб ўтирмасдим”. Ўйлайвериб боши ғувиллаб кетди. Калласида минг бир хаёл. "Энди уйга қандай қайтаман..?” Мана шу савол уни қийнар эди.

 

* * *

 

Ромиддин Аҳмад дўсти туман марказидаги кўп қаватли уйда анчадан бери ижарада туришини биларди. Суҳбатларнинг бирида Аҳмад яқин кунларда ўзлари ижарада турган уйни сотиб олиши ҳақида гапирганини эслади. Анчадан буён иши юришмай келаётган Ромиддин қулай фурсатдан фойдаланиб қолишни ўйлади. "Аҳмад содда бола. Менга ишонади. Қарз сўрасам, берса керак. Қайтариш бир гап бўлар. Мен учун асосийси ўз безнесимни йўлга қўйиш. Қачонгача "омадсиз Ромиддин” деган тамғани кўтариб юраман”. Шу хаёллар билан у Аҳмаднинг иккинчи қаватдаги уйига келганини сезмай қолди. Қўнғироқ тугмасини босди.

– Ким у? – ичкаридан Аҳмаднинг овози келди. "Хайрият уйда экан” хаёлидан ўтказди Ромиддин.

– Мен, Ромиддинман.

Эшикни Аҳмад очди. Дўстини қучоқ очиб кутиб олди.

– Кел дўстим, уйга кир. Анча кўринмай кетдинг, ишларинг яхшими?

– Яхши, яхши, нимасини айтасан дўстим, – ғудранди Ромиддин.

Икки дўст уйга кириб жойлашишиди. Обдон ҳол-аҳвол сўрашишгач Аҳмад ошхонага ўтиб хотинига дўсти келганини айтиб, дастурхон тузатишни буюрди. Шу кунларда Аҳмаднинг ишлари юришиб турганди. Иккаласи қуюқ дастурхон атрофида узоқ суҳбат қуришди. Томоқни ҳам бироз ҳўллаб олишди. "Ароқ келгани яхши бўлдида” хаёлидан ўтказди Ромиддин. У муддаога қандай ўтишни билмай турганди. "Аҳмад ичиб олганда янада мард кетади. Ана дўстлик ҳақида шеърхонликни ҳам бошлаб қолди. Ҳозир гап бошласам айни вақти” Ромиддин ҳамон дўстидан пул ундиришни ўйларди.

– Сендек дўстим борлигидан доим фахрланаман, – тилёғламалик билан гап бошлади Ромиддин. – Эҳ-ҳе иккаламиз бирга қанча ишлар қилмадик. Шу десанг катта фойда берадиган бир ишни бошлаб қўйганман, яхшигина қолади. Бериладиган асосий пулни тўпладим, – бир тийини бўлмасада безбетларча ёлғон гапириб, давом этди. – Шу озгина ёрдам қилсанг деб келгандим.

– Бўпти дўстим, қанча керак.

– Шу-у, қирқ миллион бўлса бошқа жойдан қидириб юрмасдим, сен ҳам фойдага шериксан, қўрқма, – Ромиддин Аҳмадга қандай гаплар таъсир қилишини биларди.

– Қарз беришдан қўрқмайман-ку, аммо бу жуда катта маблағ, Ойқиз билан бир маслаҳатлашмасам бўлмайди. Ўзинг биласан шу уйни оламан деб йиғиб қўйган жамғармамиз бор, лекин уй эгаси билан келаси ҳафта квартирани расмийлаштиришга келишиб олганмиз, – Аҳмад икки ўт орасида қолганди.

– Қўрқма, иш узоғи билан ўн кунда битади, сен квартирали бўласан, мен ҳам уйдагиларимни бир хурсанд қилай, иш битгач қўчқор сўйиб сен билан Ойқизни меҳмонга чақираман, – Ромиддин ҳамон паст кетмасди.

Аҳмад бу хонага ўтиб хотинига маслаҳат солди. Ойқиз: "Ўзингиз биласиз бу пулни тўрт йил йиғдик, ҳатто ўзимизга керак бўлганда ҳам ишлатмадик, қандай қилиб дўстингизга берамиз. Яна-а, шу дўстингиз сал бошқачароқ, қачон иши тушса ёнингизга югуриб келади, бошқа вақт эслаганини билмайман. Онангизнинг маъракаларига ҳам бошқа дўстларингиз келди, аммо Ромиддин ака келганини билмадим. Бошингизга охири шу дўстларингиз етмаса, дейман-да Аҳмад ака, мени тўғри тушунинг” дея узоқ зор-ҳол қилди. Аҳмад хотининг барча гаплари тўғри эканлигини билсада "дўстга ишомагандан кўра унга бир бора алданмоқ маъқул” деган ақидасига амал қилди. Ойқизнинг йиғи-сиғисига қарамай мисқоллаб йиққан пулини дўстига бериб юборди. Мақсадига эришган Ромиддин шу кетганча дом-дараксиз йўқолди...

 

* * *

 

– Бир Аҳмадни лақиллата олмасам мен бу дунёда нима қилиб яшаб юрибман, – уйга ширакайф қайтган Ромиддин меш қорнини силаб, хотинига мақтанарди. – Бир ойга етадиган бозорлик қилдим хотин, тезда мана булардан жиз-биз қилиб юборчи, қолгани бир гап бўлар...

Ромиддиннинг уввосли қаҳқаҳасидан гужумда қунишиб турган қарғалар ҳам ҳуркиб қочиб қолишди.

 

Азамат Сафаров: hikoya-va-sherlar.pdf


Сўровнома
Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими веб-сайтини қандай баҳолайсиз?
Мақолалар архиви
Фотолавҳалар
  • Иш тартиби
  • Обуна
Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Навоий шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, “Нуронийлар маскани”.
Почта индекси: 210100
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Тушлик вақти: 13:00 - 14:00
Дам олиш куни: Шанба, Якшанба.
Алоқа рақами: 95-603-28-56
E-mail: navoiyijodkorlari@mail.ru
Веб-сайтни юритиш бўйича масъул: Тўйқулов Бекзод

Веб-сайт янгиликларидан бохабар бўлиб туришингиз учун қуйида кўрсатилган қаторга электрон манзилингизни киритинг ва обунани электрон манзилингизга юборилган хатдаги ҳавола орқали тасдиқланг:

Фойдали ҳаволалар